Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Хурофот – урф-одат эмас
29 Oct 2018

Хурофот – урф-одат эмас

Муқаддас динимиз Ислом арконларида ҳар бир мусулмон ва муслиманинг амали солиҳлари батафсил баён этилган. Бироқ бу борада хотин-қизлар ўртасида тарғибот ишларининг етарли бўлмаганиданми ёки турли хурофий иллатларнинг асрлар давомида онгимизга урф-одат сифатида сингиб кетганиданми ўтказилаётган диний маросимларда бажарилаётган амалларнинг қай бири тўғри-ю, қай бири нотўғри эканлигини англаб ололмаяпмиз.

Келинг вазиятга ойдинлик киритиш учун аёллар ишонч билан бажараётган айрим ишларни хурофот эканлигига, шайтону жинларга эътиқод эканлигига эътибор қаратайлик. Масалан, “иссиқ-совуқ” амали учун 500 минг сўм эвазига “иситилаётган” ёки “совутилаётган” кишининг фотосуратини қабристонга кўмдириш, чақалоқни бешикка боғлашдан олдин товуқ суйиб, “қонлаш”, жаноза маросимида тобут атрофида дод-фарёд қилиб йиғлаш, кўк кийиш, майитни эшикдан эмас дерезадан олиб чиқиш, майитга атаб 41 та чироқ ёқиш каби амаллар бидъатнинг айни ўзи эканлигини кўпчилик билмайди.

Шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Навоий вилоят вакиллиги ходимлари ва Хатирчи туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Тадбирларда маҳаллалар хотин-қизлари, ҳожи оналар, маҳалла фаоллари, расмий ва норасмий отинойилар, кайвони оналар, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар иштирок этишмоқда.

Тарғибот тадбирларида туманда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, тўй-ҳашам, аза маросимларини қисқартириш, исрофгарчиликни олдини олиш, аёллар ўртасида ўтказилаётган диний маросимларни тартибга солиш, ислом динига зид бўлган бидъат-хурофотлар, фолбинлик, аъзамийхонлик, мушкулкушод, момо оши каби маросимларни тўхтатиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, шаръий никоҳ, талоқ масалаларини тушунтириш, аёлларнинг диний дунёқарашини ошириш каби мавзуларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда жойларда муқаддам судланган, диний экстремизм оқимига аралашиб қолган, нотинч оила хотин-қизларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларни ижтимоий соғлом муҳитга қайтариш, бандлигини таъминлаш, имтиёзли банк кредитлари олиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ишлари доимий равишда йўлга қўйилмоқда. Уларнинг ҳар бири билан юзма-юз учрашилиб, мавжуд муаммолари туман ҳокимлиги, ҳомий ва ҳамкор ташкилотларнинг кўмаги билан бартараф этилмоқда.

Хатирчи тиббиёт коллежи фаоллар залида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Навоий вилоят вакиллиги- хотин-қизлар масалалари бўйича бош имом –хатиб ёрдамчиси У.Холова, туман бош отинойиси С.Райимова, туман хотин-қизлар қўмитаси ва туман маҳаллалар кенгаши раис ўринбосари Н.Суванова иштирокида ўтказилган семинарда туманда бу борадаги тарғибот ишларини яхшилаш масалалари хусусида фикрлар билдирилди. Ҳозирда Хатирчи туманида 27 нафар расмий отинойи фаолият олиб бормоқда. Маҳаллаларда ўтказилаётган маросимларнинг бирига расмий отинойи қатнашса, қолган иккисида норасмий отинойи қатнашади. Норасмий отинойи мусулмонлар идораси ўқишларида иштирок этмаганлиги учун турли бидъат ва хурофотларни чеклашга керакли билим ва кўникмага эга эмас. Бу айрим тушунмовчилик ва муаммоларга сабаб бўлади. Бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар кенгаши ва туман мусулмонлар идораси вакиллиги ҳамкорликда норасмий отинойиларни аттестациядан ўтказиш ва уларга расмий мақом бериш масалалари келишиб олинди. Тадбир сўнггида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган тадбирларда ҳамда хотин-қизлар ўртасида бидъат ва хуруфотларнинг илдиз отишига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшган ва фаол иштирок этаётган 10 нафар отинойиларнинг меҳнати эътироф этилиб, моддий ва маънавий тақдирландилар.

photo_2018-11-07_12-35-50.jpg

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 25

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech